Кобул дунёда суви бутунлай тугаган биринчи пойтахтга айланиши мумкин, деб огоҳлантирмоқда мутахассислар. Улар бу инқирозга аҳоли сонининг кескин ўсиши, иқлим ўзгариши ва нотўғри бошқарув сабабчи эканини айтишади.
Mercy Corps нодавлат ташкилоти ўтказган сўнгги тадқиқотга кўра, охирги ўн йил ичида Афғонистон пойтахтида ерости сувлари сатҳи 30 метргача пасайган. Шаҳар аҳолисининг асосий ичимлик сув манбаи бўлган қудуқларнинг қарийб ярми қуриб қолган.
Кобулда ерости сувларига бўлган талаб табиий қайта тикланишдан анча юқори: ҳар йили табиий равишда тикланадиган миқдордан 44 миллион куб метр кўпроқ сув сўрилади — бу экологик жиҳатдан барқарор миқдордан деярли икки баробар кўп.
2000 йилда тахминан 2 миллион киши яшаган Кобулда 2025 йилга келиб аҳоли сони 6 миллиондан ошди ва бу сув захираларига улкан босимни келтириб чиқарди.
Mercy Corps ва Озод Европа/Озодлик радиосига гапирган афғон сув мутахассисларининг таъкидлашича, Кобулнинг сув қувурлари 100 мингдан ортиқ назоратсиз қазилган қудуқлар, шунингдек юзлаб фабрикалар ва иссиқхоналар томонидан ҳам тез суръатда сўрилаётгани инобатга олиниши керак.
Жўмракдан сув олиш учун навбат талаш (архив).
“Кобулда тахминан 400 гектар иссиқхона бор ва улар йилига 4 миллион куб метр сув ишлатади”, дейди Германияда фаолият юритаётган сув ресурслари ва иқлим ўзгариши бўйича тадқиқотчи Нажибуллоҳ Садид. “Шунингдек, Кобулда 500 дан ортиқ ичимлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компания бор. Улар орасида энг йириги – Alokozay – ҳар йили тахминан 1 миллион куб метр ерости сувини ишлатади”.
БМТ огоҳлантиришича, агар тезда чора кўрилмаса, 2030 йилга келиб Кобул ерости сувларидан бутунлай маҳрум бўлиши мумкин. Бу эса аҳоли учун ҳаётий таҳдид туғдиради ва катта кўламдаги миграцияни келтириб чиқариши мумкин.
“Овқат билан сув орасида танлов қилишга мажбур бўляпмиз”
Кобулнинг кўплаб ҳудудлари аллақачон сувсиз қолган. Аҳоли автоцистерналар орқали оладиган чекланган миқдордаги сувга қарам.
Шаҳарнинг нисбатан фаровон Таймони тумани яшовчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда маошининг чорак қисми сув сотиб олишга кетишини айтади.
“Ойлик иш ҳақим 21 минг афғоний (300 доллар), шунинг 5 мингини (70 доллар) оилам — 10 киши — учун сувга сарфлайман. Бу сувни чой қайнатиш, овқат тайёрлаш, идиш-товоқ ювиш, кир ювиш ва ювиниш учун ишлатамиз”, дейди кобуллик суҳбатдош.
Пластик идишда сув кўтариб олган кобуллик аёл (архив).
“Кўплаб оилалар сув сотиб олиш имконига эга эмас. Бу овқат билан сув орасида танлов қилишга ўхшайди”, деб қўшимча қилади у. Шунингдек, ким сув пулини тўлай олмаса, бир неча километр йўл босиб, давлат насослари ўрнатилган ҳудудлардан сув олиб келишга мажбур. Ҳарорат жуда юқори бўлган ёз фаслида ҳам кўп қаватли уйлар ҳафтасига фақат бир-икки марта сув олади.
Сувнинг ифлосланиши ҳам катта муаммога айланган. БМТ маълумотларига кўра, Афғонистон аҳолисининг қарийб 80 фоизи хавфсиз ичимлик сувидан маҳрум.
Мутахассислар фикрича, Кобулдаги ерости сувларининг катта қисми канализация, заҳарли моддалар билан ифлосланган.
Ечим борми?
2021 йилда ағдарилган Ғарб қўллаб-қувватлаган собиқ афғон ҳукумати дунё ҳамжамиятидан сув секторини ислоҳ қилиш учун 4 миллиард доллардан ортиқ ёрдам олган эди. Аммо Жаҳон банки таъкидлаганидек, бу соҳада пойтахтда ҳам, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам жиддий тараққиёт бўлмаган.
Толибон ҳукумати Озодлик радиосининг изоҳ сўраб қилган мурожаатига жавоб бермади. Аммо маҳаллий мутахассислар Кобулдаги сув инқирози нисбатан тез ҳал этилиши мумкинлигини таъкидлашмоқда — агар зарур сиёсий ирода бўлса.
“Бу муаммо янги эмас. Ўн йилдан зиёд вақт ичида бу муаммони ҳал қилиш бўйича турли лойиҳалар ҳукуматга тақдим этилган, аммо улар учун бу ҳеч қачон устувор вазифа бўлмаган”, дейди Садид Озодлик билан суҳбатда.
Таклиф этилган лойиҳалардан бири — Кобулдан 30 км жануби-ғарбийда жойлашган Шоҳтут тўғони ва сув омборини барпо этиш. Агар амалга ошса, бу иншоот шаҳарнинг 2 миллиондан ортиқ аҳолисини ичимлик суви билан таъминлайди ва ерости сувларини тиклашга ёрдам беради.
Яна бир лойиҳа - Панжшер дарёсидан Кобулга 200 км узунликда қувур тортишни кўзда тутади. Бу орқали йилига 100 миллион куб метр сув шаҳарга йўналтирилади. Ҳар икки лойиҳанинг амалга оширилиши бўйича техник-иқтисодий асослар собиқ ҳукумат даврида тайёрланган.
Кобулдаги қудуқдан сув олаётган эркак (архив).
2025 йил апрелида Толибон ҳукуматининг Энергетика ва сув вазирлиги Панжшер лойиҳасини бошлаш учун бюджет тасдиғини кутаётганини маълум қилган. Маъмурият 170 миллион долларлик ушбу лойиҳа учун қўшимча сармоядорлар изламоқда.
Шоҳтут тўғини ва сув омбори лойиҳаси эса, агар маблағ топилса, 2027 йилда якунланиши кутилмоқда. Унинг умумий баҳоси тахминан 236 миллион доллар экани айтилади.
Кобулда фаолият юритаётган сув ресурслари ва иқлим ўзгариши бўйича мутахассис Абдул Босит Раҳмонийнинг таъкидлашича, агар сиёсий ирода бўлса, пойтахтдаги сув етишмовчилиги “бир-бир ярим йил ичида ҳал қилиниши мумкин”.
Шу билан бирга, у халқаро инсонпарварлик ташкилотларини ичимлик сувини сотиб олишга қурби етмайдиган камбағал аҳолига ёрдам беришга чақирмоқда.
“Бундай ёрдам аҳолига молиявий ва психологик юкни енгиллаштиради, касалликларнинг олдини олади, кўплаб болаларнинг мактабга қайтишига ёрдам беради”, дейди у. “Кўплаб болалар таълимдан четда қолмоқда, чунки улар ҳар куни оиласига ёрдам бериш учун бир неча километр йўл босиб, бепул сув тарқатиладиган нуқталарга боришади”.
Сўнгги йилларда Халқаро Қизил Хоч жамияти (ICRC) ва ЮНИСЕФ каби ташкилотлар юз минглаб афғонларга тоза ичимлик суви етиб бориши учун қатор лойиҳаларни амалга оширди.
ICRC маълумотларига кўра, 2024 йилда Афғонистоннинг бир неча вилоятларида 1 315 та қўл насоси таъмирланган ва 1 888 та биофильтрлар ўрнатилган. Ушбу қурилмалар сувни зарарли моддалардан тозалашга ёрдам беради.
Бироқ, ҳукумат томонидан кескин чоралар кўрилмаса ва катта инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмаса, Кобулдаги сув инқирози сақланиб қолиши, ҳатто кучайиши мумкин. Мутахассислар бу ҳолат охир-оқибат 3 миллионгача— яъни шаҳар аҳолисининг ярмига яқинини — Кобулдан кўчиб чиқишга мажбур қилиши мумкинлигини айтишмоқда.